Ўзбекистонда футбол 1912 йилда Қўқонда пайдо бўлган.Бухоро вилоятида футбол 1960 йилларда пайдо бўлган.Ўша даврларда Бухоро вилояти шарафини “Бухоро” футбол жамоаси ҳимоя қилар эди.Кейинчалик ушбу жамоа “Факел” номи остида турли хил мусобақаларда иштирок этарди.

1989 йилда Бухорода янги жамоа, “Нуравшон” футбол клуби ташкил қилинди.“Нурафшон” араб-форс тилларидан таржима қилинганда «нур тарқатувчи» деган маънони беради. Айнан шу жамоа Бухоро футболи тарихидаги улкан ютуқларни қўлга кирита олган.Ушбу жамоа 1990-1991 йилларда Собиқ Иттифоқнинг 2-лигасида иштирок этди.1990 йилдасобиқ иттифоқ иккинчи лига мусобақасининг тўққизинчи зонасида биринчи ўринни қўлга киритишга мувоффақбўлди.Ўша мусобақада жамоа рақиблар дарвозабонларини 116 бор ранжитишни уддалаган.1991 йилда эса иккинчи лига мусобақасининг шарқий зонасида 22 жамоа орасида тўртинчи ўринни қўлга киритишга эришди.

ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ЧЕМПИОНАТИ

90-йилларда ҳар томонлама бақувват саналган «Пахтакор» ва «Нефтчи» жамоалари 1992 йилдан илк бор ташкил этилган олий лига мусобақасида рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмай ғолибликка эришиши тахмин қилинаётган бир вақтда, бўлғуси чемпионларга етарли ташвиш туғдира олган “Нурафшон” мусобақани тўртинчи ўрин билан якунлади.Бухороликларга учинчи ўринни қўлга киритиш учун бир очко етмай қолганди.

Клуб раҳбариятининг тинимсиз меҳнати, мураббийларнинг футболчилар билан муносабати, ўйинчиларнинг жамоага бўлган муҳаббати, қолаверса, яратилган кучли база жамоани ғолиблик шоҳсупасига етаклаши турган гап эди. Шу сабаб клуб 1994 йилги мавсумда ҳар қандай жамоага етарлича ташвиш туғдира оладиган салоҳиятга эришди.

Ўша мавсум «Пахтакор», «Навбаҳор» ва МҲСК каби кучли жамоаларни ортда қолдириб, мусобақанинг кумуш медалларини қўлга киритди. Бу бухороликларнинг футболда қилган тинимсиз меҳнатларининг иккинчи меваси эди.

Ўзбекистоннинг кумуш медали соҳиби сифатида жамоа 1995 йил январда Россия давлатида “Иттифоқ чемпионлари кубогида”,ҳозирги “Ҳамдўстлик кубоги”да қатнашди.Мусобоқанинг “D” гуруҳида Донецкнинг “Шахтёр”,Гюмрининг “Ширак” ва Таллиннинг “Флора” жамоалари билан бир гуруҳдан ўрин олган Бухоронинг “Нурафшон” жамоаси 3 очко билан гурухда учинчи бўлди. Айнан ўша вақтда кўпчилик юртимизда яна бир кучли жамоа шаклланганлигига ишонч ҳосил қилишди.

Бироқ 1995 йилги мавсум нафақат бир жамоанинг, балки бутун бошли Бухоро футболининг орқага кетишига сабаб бўлди. Худди ўша 1979 йилги «Пахтакор» фожеасидан сўнг юзага келган футболдаги мунгли ҳолат Бухорода ҳам узоқ йиллар давомида ҳукмронлик қилди.

АВГУСТ ФОЖЕАСИ

1995 йилги мавсумни «Нурафшон» ажойиб бошлади. Кетма-кет ғалаба қозониб, чемпионлик курашида фарғоналикларга энг асосий рақиб бўлиши аниқ эди. Аммо 18-турда Бухоро майдонида «Янгиер»га қарши кечган ўйин нафақат ўша мавсумнинг, умуман сўнгги йигирма йилдаги вилоят футбол тарихи учун улкан бурилиш нуқтаси бўлди. Хуллас, ўйинда бухороликлар ҳисобда олдинга чиқиб оладилар. Рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмаётган бир вақтда учрашув ҳаками Сайфиддин Эрматов меҳмонлар фойдасига хато қилади.Натижада, янгиерлик футболчилар аввалига ҳисобни тенглаштириб, сўнгра бир тўп фарқи билан олдинга чиқиб олишади. Ҳакамнинг қўпол хатоси сабаб асаблар бузилган, яна битта нотўғри қарор мухлисларнинг ҳам,мутахассисларнинг ҳам қўзғалишини англатиб турарди. Афсуски, ўша куни ишлаган учрашув ҳаками ўйин тизгинини умуман қўлдан чиқариб юборади. «Нурафшон» жамоасида фаол ўйнаётган ҳужумчи Михаил Фоминни ўйиндан четлатади. Натижада эҳтирослар жунбушга келиб, футболчилар ва мухлисларни тўхтатиб бўлмай қолади ва ўйинни давом эттириш имконияти йўқолади...

Орадан қисқа вақт ўтиб, 1995 йилнинг 18 август куни содир бўлган воқеа сабабини ўрганиб чиққан федерация «Нурафшон»ни чемпионатдаги қолган 12 та ўйиндан четлатишга қарор қилади ва рақибларга 3:0 ҳисобида ғалаба ёзади. Бироқ, энг қизиғи шундаки, федерациянинг аралашуви натижасида кетма-кет 12 та ўйинда мағлубиятга учраган жамоа 40 очко тўплаб, кучли бешликдаги ўрнини сақлаб қолади.

ФК “БУХОРО”

1996 йилда Бухоронинг бош жамоаси сўнгги бор “Нуравшон” номи остида вилоят шарафини ҳимоя қилди ва мусобақани кучли бешликда якунлади.

1997 йилдан бошлаб жамоа номи “Бухоро” га ўзгартирилди.”Нурафшон”дан сўнг жамоа айтарли мувоффақиятларга эришгани йўқ.2000 йилда “Бухоро” олий лигани бешинчи ўринда якунлай олди.

ЎЗБЕКИСТОН КУБОГИ

“Бухоро” жамоаси Ўзбекистон кубоги мусобақаларида уч маротаба финал эшиги олдида тўхтатиб қолинган,яъни жамоа уч бор ярим финал иштирокчисига айланган. 2001,2004 ва 2012 йиллари “Бухоро” Ўзбекистон кубоги баҳсларини кучли тўртликда якунлаган.

БИРИНЧИ ЛИГА

“Бухоро” ўз тарихидаги 2008-2009 йилларда энг ёмон натижаларни қайт этган.2008 йилги мавсум якунига кўра “Бухоро” 16 жамоа орасида 15-ўринни эгаллади ва регламент бўйича биринчи лигага равона бўлиши керак эди.Бироқ,биринчи лигада олий лига йўлланмасини қўлган киритган жамоалардан бири мусобақада иштирок этишдан бош тортди ва “Бухоро” олий лигада қолдирилди.

Бир йил ўтиб,2009 йилги мавсум якунига кўра “Бухоро” ўз антирекордини янгилади ва энди энг сўнгги 16-ўринда мавсумни якунлади.Бу сафар “Бухоро”га бошқа имконият берилмади ва жамоа биринчи лигага равона бўлди.

2010 йилги мавсумни биринчи лигада ўтказган жамоа рақибларига нисбатдан бир бош устунлигини намоён этди ва шу мавсумнинг ўзидаёқ оллий лигага бериладиган йўлланмани қўлга киритди.Геннадий Кочнев бошчилигидаги жамоа 74 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида биринчи ўринни эгаллаб,олий лигага қайтди.

 

ТАНИҚЛИ ФУТБОЛЧИЛАР

Бухоро вилоятида иқтидорли болалар талайгина.Улар орасидан ўзбек футболига фойдаси тегадиган футболчилар ҳам етишиб чиқмоқда.Николай Сергеенко,Илхом Умуров,Андрей Захаров,Юрий Агеев,Усмон Тошев,Нурилло Ҳабибов,Шухрат Файзиев,Улуғбек Бақоев,Шавкат Саломов,Жасур Ҳасанов,Сухроб Нематов сингари футболчилар айнан Бухоро футболи тарбияланувчилари саналишади.Булардан ташқари Александр Тинянов,Михаил Фомин,Олим Тиллаев,Мухсин Мухаммадиев,Раҳматилло Фузайлов,Геннадий Шарипов,Владимир Шишелов,Виктор Карпенко,Воҳид Шодиев,Вагиз Галиулин,Илхом Юнусов каби таниқли футболчилар “Бухоро” шарафини ҳимоя қилишган.Уларнинг кўпчиликлари айнан “Бухоро”да футболчи сифатида шакилланишди ва ҳозирда улкан мувофақиятларига замин яратишди.

“Бухоро” дарвозабони “Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси” эътирофида

«Бухоро» дарвозабонлари ҳақида гап кетганда, Нурилло Ҳабибов,Юрий Цой,Павел Леус кабилар кўп тилга олинади. Аммо ўша нурли «Нурафшон»нинг нурли йилларида жамоа дарвозасини қўриқлаган Александр Тинянов ўз вақтида Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерациясининг ўзига хос рўйхатида тилга олинганини кўпчилик билмаса керак.

Ушбу ташкилот 1888-2008 йиллар давомида миллий чемпионатларда узоқ вақт дарвоза дахлсизлигини сақлай олган дарвозабонлар рўйхати келтирилиб, ушбу рўйхат «Бутун даврларнинг энг яхши дарвозабонлари» деб номланганди.

 1995 йилги футбол мавсумида 727 дақиқа (саккизта ўйиндан сал кўпроқ) мобайнида ўз дарвозасини голсиз сақлай олган Александр Тинянов 238-поғонани эгаллаганди.

РЕКОРДЛАР

“Бухоро” жамоасининг етакчиси ва кўплаб учрашувларни жамоани сардор сифатида бошлаб тушган Илхом Умуров жамоа шарафини энг кўп ҳимоя қилган футболчи сифатида тарихдан жой олди.У 206 бор жамоа таркибида майдонга тушган.

“Бухоро” жамоасининг умумий тарихи бўйича Юрий Агеев тўпурар саналади.Агеев “Бухоро” шарафини ҳимоя қилган даврлари рақиблар дарвозасини 51 бор аниқ нишонга олган

Бир мавсум бўйича эса жамоа тўпурари Улуғбек Бақоев саналади.2000 йилги мавсумда Бақоев рақиблар дарвозасига 21 та тўп киритиб “Бухоро”нинг мавсум бўйича энг яхши тўпурари сифатида тарихга кирди.Ҳозирги кунга келиб бу кўрсатгичларни “Бухоро” жамоасидан ҳеч ким янгилай олмади.

 

Ташкил топган йил: 1989 йил “Нуравшон”(Бухоро)

Номининг ўзгариши:1997 йил “Бухоро” (Бухоро)

Ўзбекистон чемпионатида илк рақиби:28.03.92  “Наврўз”(“Нурафшон”-“Наврўз” 2:2)

Илк ғалаба: 17.04.92 5-тур “Янгиер”-“Нурафшон” 1:2

Илк мағлубият: 07.05.92 9-тур “Косонсойчи”-“Нурафшон” 1:0

Ютуқлари: Ўзбекистоннинг кумуш медал соҳиби-1994 йил

“Иттифоқ кубоги” Россия : “D” гуруҳи 3-ўрин

Ўзбекистон кубоги ярим финал иштирокчиси-2001,2004 ва 2012 йиллар

Ўзбекистон биринчилиги чемпиони-2010 йил

Энг яхши мавсум: 1994 йил 2- ўрин

Энг  ёмон мавсум: 2009 йил-16-ўрин

Энг йирик ғалаба: 15.05.93 ”Нурафшон”-“Шифокор” 8:1

                                13.05.95 “Нурафшон”-“Палитодел” 7:0

Энг йирик мағлубият: 11.04.2005 “Бухоро”-“Пахтакор” 0:8

Энг сермаҳсул дуранг: 03.07.94 “Нурафшон”-“Пахтакор” 3:3